Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят ҳокимлиги, Адлия бошқармаси, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорликда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги ва ошкоралиги, уларнинг ОАВ билан ҳамкорлиги масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбати ўтказишдан асосий мақсад — ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида аҳолини ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли маълумотларни етказиш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда ахборот хизматлари фаолияти тўғрисида маълумот бериш ҳамда ушбу йўналишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбирда давлат ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотларининг масъул ходимлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилояти бўлинмаси мутахассислари иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, аҳолини мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилиб бориш, бу борада ахборот эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини олиб бориш — демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шарти экани ва бунда ахборот хизматлари фаолияти муҳим ўрин тутиши ҳақида фикр билдирдилар.
Давра суҳбатида ахборот хизмати раҳбарлари давлат органлари фаолиятини янада шаффоф ва самарали ташкил этишда, аҳоли билан алоқаларни мустаҳкамлашда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бердилар.
Шунингдек, тадбирда соҳа мутахассислари ва экспертлар томонидан ахборот хизматлари фаолиятини яхшилаш, уларни оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш ва ушбу жараёндаги тўсиқларни бартараф этиш борасидаги хориж тажрибаси тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
Давра суҳбати якунида давлат органлари фаолиятини янада шаффоф ва самарали ташкил этиш, аҳоли билан алоқани мустаҳкамлаш ва умумий фаолият самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбир қизғин муҳокамалар, савол-жавобларга бой бўлиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Шунингдек, келгусида мазкур йўналишларда амалга ошириладиган ишлар бўйича ўзаро таклиф ва тавсиялар ҳам билдирилди.
© 2024 Barcha huquqlar himoyalangan.