Республикамизда ўтказиб келинаётган “Фуқаролик жамияти хафталиги” доирасида, 2024 йил 4 декабрь куни “Юксалиш” ҳаракати Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан, Фарғона шаҳар, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси мажлислар залида Фарғона вилоятида “Ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, унинг табиий таркибини сақлаш бўйича кўрилаётган чоралар” мавзусидаги жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Тадбирда, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари, Фарғона вилояти ҳокимлиги, ЎзННТМА Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси, Экология, атроф-муҳитни муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши, Маҳаллалар уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси, Экологик партия Фарғона вилояти Кенгаши раҳбар ҳодимлари иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда Фарғона вилояти ҳокимлиги котибият мудири Мўйдинжон Холматов кириш сўзига чиқиб, жамоатчилик эшитувининг мавзуси долзарблиги, бежизга Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йилни Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилгани, йиғилганлар ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаганини этироф этди.
Шундан сўнг “Юксалиш” ҳаракати Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари в.б Давронбек Тешабоев сўзга чиқиб, Жамоатчилик эшитуви мавзуси долзарблиги, ушбу йўналишда аҳолини безовта қилиб келаётган муаммоли вазиятлар тўпланиб қолганлиги ва уларни ечими учун таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш зарурлигини билдирди.
Жамоатчилик эшитувини асосий қисмида, Экология, атроф-муҳитни муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Атмасфера хавосини мухофаза қилиш бўйича ўринбосари Баҳодиржон Жўраев сўзга чиқиб вилоятда, ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, унинг табиий таркибини сақлаш бўйича кўрилаётган чоралар хақида маъруза қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти Кенгаши раис ўринбосари Шохрухбек Каричаев сўзга чиқиб, вилоятда экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир ўтказувчи экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида маълумот берди.
Жамоатчилик эшитувида “Экология ва саломатлик” халқаро хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти бўлинмаси раҳбари Нилифархон Исакова, Халқ депутатлари Фарғона шаҳар кенгаши депутати Акрамжон Юлбарсовлар музокара учун сўзга чиқишди.
Жамоатчилик эшитувида йиғилганлар томонидан, қуйидаги таклифлар берилди.
- Чиқинди ташлаш жойларини, жойлашувларини шаҳарсозлик нормаларидан келиб чиқиб ўрнатиш;
- Иситиш қозонларининг мўриларини белгиланган тартибда баландроқ қилиб ўрнатиш;
- 2025 йил давлат дастури учун йил номидан келиб чиқиб, таклифлар киритиш;
- Янги қурилаётган биноларни ташқи тарафидаги кўкаламзорлаштириш жойларини сувлаштириш бўйича нормаларни белгилаш;
- Чиқинди полигонлари атрофларида “Яшил белбоғ” (ихоталаш) яратиш;
- Экология йўналишлари бўйича грант мавзуларини кўпайтириш;
- Аҳолини экологик маданиятини ошириш бўйича, обуначилари кўп бўлган блогерлар томонидан экологияга оид видеороликлар олиш;
- Бошқарув сервис компанияларига ўзининг мутахассис ходимлари сони ва салоҳиятидан келиб чиқиб, худудларни бўлиб бериш. (Бошқарув сервис 100 дан ортиқ кўп қаватли уйлар эгалари билан шартномалар имзолаган бўлиб, уларнинг барчасига хизмат кўрсатиш имкониятига эга эмаслиги, ишчи мутахассис ходимлар ва асбоб-ускуналари етарли эмаслиги билдирилди.)
Юқоридаги таклиф ва тавсиялар белгиланган тартибда, тегишли бошқарма ва ташкилотларга ва Фарғона вилояти ҳокимлигига киритилиши келишиб олинди.
© 2024 Barcha huquqlar himoyalangan.